Тайвань оролга Хитойнинг 22 та учар қурилмаси яқин келганини маълум қилди
Тайвань Мудофаа вазирлиги Х ижтимоий тармоғида маълум қилишича, оролнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими томонидан назорат қилинадиган ҳудудига Хитой халқ озодлик армиясининг 22 та учар қурилмаси ва олтита кемаси кирган. Улар Тайвань бўғозининг оралиқ чизиғини кесиб ўтган. Орол ҳарбийлари шу муносабат билан ҳаво патрулини ҳавога кўтарган.
Таъкидланишича, Тайвань ҳарбийлари радиоогоҳлантириш ҳам тарқатиб, зенит-ракета мажмуаларини шай ҳолатга келтирган. Тайвань Мудофаа вазирлиги хабари Тошкент вақти билан 3 июль куни 6:08 да эълон қилинган. 2 июль куни эрталаб эса идора оролга Хитойнинг 13 та учар қурилмаси яқин келганини маълум қилганди.
Тайвань бўғозининг оралиқ чизиғи — Тайвань ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг идентификация зонаси (республиканинг ҳудудий чегаралари билан мос тушмайди). Чизиқ қитъа ва орол ўртасидаги Тайвань бўғози акваториясида Хитой ва Тайвань ўртасидаги норасмий сув ва ҳаво чегараси ҳисобланади. Чизиқ расман белгилаб қўйилмаган. 1990-йиллар охиригача томонлар чизиқни кесиб ўтмаган, ундан кейин эса Хитой шундай қилишни бошлади.
Шарҳлар