24 йилга колонияга ҳукм қилинган Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири ишламаяпти
Қозоғистонда 24 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ миллий иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев колонияда ишламаяпти. Бу ҳақда Жиноят-ижроия тизими қўмитаси (ЖИТҚ) маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.
ЖИТҚ маълумотларига кўра, Бишимбаев жазони максимал хавфсизликка эга муассасада ўтамоқда.
“Бўш иш ўринлари йўқлиги сабабли, маҳкумнинг кундалик иш тартиби жазони ижро этиш тизими муассасаларининг ички тартиб-қоидалари ва амалдаги жазо қонунчилиги талаблари асосида амалга оширилмоқда”, — дейилади қўмита хабарида.
Аввалроқ Бишимбаев колонияда қандай иш билан шуғулланиши мумкинлиги маълум бўлган эди. ЖИТҚ раиси Тенизжан Жанибековнинг сўзларига кўра, собиқ миллий иқтисодиёт вазири “Енбек”ка ёғоч ва металлга ишлов бериш йўналишида ишга жойлашиши мумкин.
Қайд этиб ўтамиз,13 май куни Астана шаҳрида Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши бўйича суд ниҳоясига етди. Суд собиқ миллий иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаевни хотинини қийноққа солиб ўлдиришда айбдор деб топди. У 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Унинг укаси Бахитжан Байжанов жиноятни яширганликда айбдор деб топилиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди.
26 июнь куни суд ҳайъати Бишимбаев ва Байжановларнинг апелляция шикояти бўйича қарор қабул қилиб, ҳукмларни ўзгартиришсиз қолдирди.
Шарҳлар