АҚШ Украинага 300 млн долларлик янги ёрдам пакети ҳақида эълон қилди
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан Украинага 300 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди, деб ёзади Reuters.
Унинг сўзларига кўра, Америка ҳукумати ўз захираларини тўлдириш учун қурол-яроғ сотиб олиш бўйича шартномаларни кутилганидан кўра манфаатли шартлар билан туза олгани туфайли, ушбу маблағни ажратишга муваффақ бўлишган. Унинг қайд этишича, ажратилган пакет Украина армиясига фақат “қисқа давр”га етади.
“Ушбу ўқ-дорилар Украина қуроллари қанчадир вақт, аммо қисқа дарв мобайнида отиб туриш имконини беради. Бу Украинанинг жанговар ҳаракатлардаги эҳтиёжларини қондириш учун етарли эмас, ва бу Украинада ўқ-дорилар тугаши олдини олмайди”, — деди Салливан брифинг чоғида.
Унинг айтишича, ҳарбий ёрдам пакети артиллерия снарядлари ва HIMARS ракета тизимлари учун ўқ-дорилар сотиб олишни кўзда тутади.
Украинага маблағлар ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессида 2023 йил октябридан буён муҳокама қилинмоқда. Февраль ўрталарида Сенат Украина, Исроил ва Тайванга 95 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги партиялараро ташаббусни тасдиқлаганди. Ҳужжатни республикачилар томонидан назорат қилинувчи Вакиллар палатаси маъқуллаши керак. Майк Жонсон қонун лойиҳасини жанубий чегарани мустаҳкамлаш чораларисиз овоз беришга олиб чиқишдан бош тортди.
Шарҳлар