Канада Украинага 38 млн долларлик ёрдам пакети ажратади
Канада Украинага 52,4 миллион доллар (38 миллион АҚШ доллари) миқдорида ёрдам пакетини ажратади. Бу ҳақда Канада бош вазири Жастин Трюдо Швейсарияда бўлиб ўтган Украина бўйича тинчлик конференциясида маълум қилди, деб ёзади DW.
Канада бош вазири сайтида хабар берилишича, пакетнинг энг йирик қисми — 20 миллион Канада долалри (14,5 миллион АҚШ доллари) сўнгги ойларда Россия зарбаларидан қаттиқ жабр кўрган Украина энергетика инфратузилмасини қайта тиклашга йўналтирилади. 15,4 миллион Канада доллари (11,2 миллион АҚШ доллари) Украинани Евроиттифоққа қўшилиш учун тайёрлайдиган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, мамлакат ҳудудини миналардан тозалашга сарфланади.
Тахминан яна шунча маблағ урушдан жабрланган болалар ва ўсмирларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатдан олиб кетилган болаларни ватанига қайтариш учун имкониятларни яратиш, уруш жиноятлари қурбонларига ёрдам бериш каби гуманитар мақсадларга йўналтирилади.
Ва ниҳоят яна 2 миллион Канада доллари (1,45 миллион АҚШ доллари) Украинада МАГАТЭ ёрдамида ядровий энергетика объектларидан хавфсиз ва ишончли фойдаланишни қўллаб-қувватлашга сарфланади.
Шарҳлар