Эрон яқин 48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкин
Эрон 48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкин. Бу ҳақда Vox News нашри 3 апрель, чоршанба куни хабар берди. Таъкидланишича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси эҳтимолий ҳужум ҳақида Исроил раҳбариятини хабардор қилган.
Исроил бу ахборотга жиддий ёндашиб, аллақачон захирадаги ҳарбий хизматчиларни, хусусан, “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими операторларини сафарбар қилган ва Ҳарбий-ҳаво кучларини тўлиқ жанговар шайлик ҳолатига келтирган. Минтақада аллақачон GPS билан боғлиқ муаммолар бошлангани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига зарба берди, оқибатда Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК)нинг “Ал-Кудс” бўлинмаси командири генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳалок бўлди. Яна бир генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ва корпуснинг бошқа беш аъзоси ҳам ҳалок бўлди.
Шундан кейин Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси БМТ бош котиби ва Хавфсизлик кенгашига хат юбориб, Эрон Дамашқдаги элчихонасига қилинган ҳужум учун Исроилга қатъий жавоб қайтариш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса зарба учун масъулиятни АҚШнинг зиммасига юклади, чунки у, Теҳрон қайд этишича, “сионистик режим” тарафдоридир.
Шарҳлар