77 кишини ўлдирган Андрес Брейвикнинг қамоқхона шароитларини юмшатиш сўрови рад этилди
Норвегияда суд 2011 йилда 77 кишини ўлдиргани учун 21 йиллик қамоқ муддатини ўтаётган Андерс Брейвикнинг қамохонадаги “инсонийликка зид” шароитлардан шикоят қилиб ёзган аризасини рад этди, деб хабар беради BBC.
45 ёшли Брейвик ҳукм чиқарилганидан кейин қатъий режимдаги қамоқхонада бошқа маҳбуслардан алоҳида сақланиб келинмоқда. Ўз даъвосида у бундай шароитлар унинг ҳуқуқларини бузишини таъкидлаган.
У унинг узоқ вақт яккаланиб қўйилиши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг инсонийликка зид ва қадр-қимматни ерга урадиган муомалани тақиқловчи 3-моддасини бузганини даъво қилиб, давлатни судга берган.
Хавфсизлик юзасидан “Рингерике” турмаси спортзалида бўлиб ўтган эшитувлар чоғида Брейвик депрессияга чалинганини ва антидепрессантларга боғланиб қолганини айтган. Ҳукуматни у уни “ўз жонига қасд қилишга ундаш”га уринишда айблади.
Норвегия ҳукумати таъкидлашича, Брейвик атрофдагилар учун туғдириши мумкин бўлган хавфни ҳисобга олганда, у сақланаётган қатъий, аммо қулай шароитлар асослидир.
2011 йил 22 июль куни Брейвик Ослодаги ҳукумат муассасалари ёнида бомба портлатиб, саккиз кишининг ўлимига сабаб бўлган, кейин эса Утойя оролидаги ёзги лагерда яна 69 кишини, асосан ўспиринларни отиб ташлаган эди.
2012 йилда у 21 йиллик қамоққа ҳукм қилинган — Брейвик хавф туғдиришда давом этса, бу муддат узайтирилиши мумкин.
Қамоқхонада Брейвикка учта хона берилган бўлиб, булар ётоқхона, кабинет ва кичик тренажёр зали. Шунингдек, у ошхона, меҳмонхона ва учрашувлар учун хона каби умумий зоналардан ҳам фойдалана олади.
Ўз хонасида эса унга телевизор, Хbох ўйин приставкаси ва учта тўтиқуш берилган.
Шарҳлар