АҚШ Грузия ҳукуматининг “антидемократик қадамлари” сабабли мамлакатга тақдим этилиши керак бўлган 95 млн доллар ёрдам маблағини тўхтатди

Фото: RFE/RL

АҚШ маъмурияти Грузияга аввалроқ Конгресс томонидан тасдиқланган 95 миллион доллар миқдоридаги молиявий ёрдамни ўтказиш тўхтатилганини эълон қилди. Бу ҳақда Давлат котиби Энтони Блинкен Давлат департаментининг расмий сайтида маълум қилди.

Блинкеннинг эслатишича, 23 май куни у Грузия ҳукуматининг “антидемократик қадамлари” туфайли АҚШ ва Грузия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик тўлиқ қайта кўриб чиқилишини эълон қилганди. Ушбу кўриб чиқиш натижасида Грузия ҳукуматини қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган 95 миллион доллар маблағни музлатишга қарор қилинди.

Блинкен, шунингдек, Грузия ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари НАТО ва Европа Иттифоқига аъзолик учун зарур бўлган стандартларга жавоб бермаслигини таъкидлади. Бироқ, ёрдамнинг тўхтатилиши Грузия халқини қўллаб-қувватлаш, демократия, қонун устуворлигини, мустақил оммавий ахборот воситалари ва иқтисодий ўсишни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа Америка ташқи ёрдам дастурларига таъсир қилмайди.

Икки томонлама муносабатларнинг ўттиз йилдан ортиқ давом этган даврида Қўшма Штатлар Грузияга 6,2 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатди, жумладан армия ва қирғоқ хавфсизлигини жиҳозлаш ва ўқитиш, шунингдек, мактаблар, касалхоналар қуриш ва мутахассислар тайёрлаш борасида кўмаклашди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.