АҚШ қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказди
АҚШ ҳарбийлари “Минитмен-3” қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказди, дея хабар беради АҚШнинг Калифорнияда жойлашган “Ванденберг” космик кучлари базаси матбуот хизмати 6 ноябрь куни.
Ҳарбийларнинг маълумотларига кўра, Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Ҳарбий-денгиз кучлари учувчилари қўшма гуруҳи маҳаллий вақт билан соат 23:01да (Москва вақти билан 6 ноябрь куни 10:01) юкланмаган баллистик ракетани учирган. Синов АҚШда 5 ноябрь куни мамлакат президентини сайлаш учун сайлов участкалари ёпилганидан кейин кўп ўтмай ўтказилган.
Матбуот хизматининг баёнотида айтилишича, синовлар «мамлакатнинг қудратли салоҳиятига урғу беради». База расмийларининг таъкидлашича, бу Қўшма Штатлар «21-аср таҳдидларини» самарали тарзда ушлаб туришга қодирлигини кўрсатиш учун мўлжалланган мунтазам синов.
«Шунга ўхшаш синовлар 300 мартадан кўпроқ ўтказилган ва бу синов ҳозирги дунё воқеаларининг оқибати эмас», – дея таъкидлайди матбуот хизмати. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ушбу синов бир неча йил олдин режалаштирилганини қайд этади.
Шарҳлар