,

АҚШ иттифоқчилари билан Украинага ёрдам бериш учун музлатилган Россия активлари бўйича музокараларни бошлади

Джо Байден
Фото: Украинская правда

Жо Байден маъмурияти Россиянинг музлатилган активларини Украинага ёрдам сифатида бериш учун ўтказиш бўйича иттифоқчилар билан шошилинч музокараларни бошлади, деб ёзади The New York Times.

Нашр манбаларга таяниб, Конгрессда бундай чорани қўллаб-қувватлаш кучайиб бораётганини, бу эса АҚШ президенти маъмуриятида “некбинлик уйғотади” деб ёзади.

Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Канада ва Япония расмийлари билан тегишли музокаралар жадаллашган, чунки Қўшма Штатлар 2024-йил 24-февралгача, яъни Россиянинг тўлиқ миқёсдаги Украинага бостириб киришининг 2 йиллигигача бўлган стратегияни ишлаб чиқмоқчи. Гап тахминан 300 миллиард долларлик Россия активлари ҳақида кетмоқда.

Бунгача АҚШ молия вазири Жанет Еллен Конгресс розилигисиз маблағларни олиб қўйиш “Қўшма Штатларда қонун билан рухсат этилган нарса эмас”лигини айтди. The New York Times ёзганидек, прецедентдан баъзи юқори мартабали америкалик амалдорлар ҳам қўрқишган, чунки мусодара қилиш бошқа мамлакатлар ўз жамғармаларини Ню-Йоркдаги Федерал захира тизимида ёки долларда сақлашдан бош тортишига олиб келиши мумкин.

Мусодара қилинган Россия маблағларидан фойдаланиш бўйича баҳслар Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлардаги сиёсий келишмовчиликлар фонида кечмоқда. Хусусан, АҚШ Конгресси мамлакатга 60 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича келиша олмади, чунки республикачилар чегара ва иммиграция қонунларини қаттиқроқ талаб қилмоқда.

Ўтган ҳафта Financial Times газетаси АҚШ ҳукумати Россиянинг музлатилган активларини халқаро қонунларни бузмасдан тортиб олиш йўлини топгани ва G7 йиғилишларида бу ҳақда тобора кўпроқ гапирилаётгани ҳақида хабар берганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.