АҚШ: Эрон ядро қуролини ишлаб чиқаришга ҳар қачонгидан ҳам яқин

Фото: Celal Gunes / Anadolu

Эрон ядро дастурини тезлаштирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен хавфсизлик бўйича Aspen Security Forum форумида билдирди.

“Охирги ҳафталар ва ойларда биз Эрон ядровий қуроллар учун ёқилғи сифатида ишлатилиши мумкин бўлган парчаланувчи материалларни ишлаб чиқишда ҳақиқатан ҳам муваффақиятга эришаётганини кўрдик”, — дея унинг сўзларини келтиради AFP. “Бунга бир ёки икки ҳафта қолган бўлиши мумкин”, – дейди АҚШ Давлат котиби. Эрон ҳали қуролнинг ўзини яратгани йўқ, «лекин сиз буларни бирлаштирасиз: парчаланувчи материаллар, портловчи қурилма ва – сизда ядро қуроли бор», – дея қўшимча қилади у.

Қўшма Штатлар Эроннинг бомба устида ишлаётгани аломатларини “жуда ва жуда диққат билан» кузатмоқда ва Теҳронни ушлаб туриш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда, – дейди Блинкен.

Аввалроқ Эроннинг янги президенти Масуд Пезешкиан Ғарбга “Эронни изоляциядан олиб чиқиш” ва уни халқаро санкциялардан халос қилиш ниятида эканини айтган эди. Хусусан, у Эрон ва жаҳон кучлари ўртасида 2015 йилда имзоланган ядровий битимни тиклаш тарафдори.

У барча ишланмалар тинч мақсадларда эканини ҳам билдирган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.