АҚШ Конгрессида “миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” ҳақида маълум қилинди. У Россия коинотга ядро қуролини жойлаштириши билан боғлиқлиги айтилмоқда
АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Разведка бўйича қўмитаси раиси республикачи Майк Тёрнер баёнот эълон қилиб, “миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” ҳақида огоҳлантирди ва АҚШ президенти Жо Байдендан ушбу “таҳдид”га тааллуқли “барча маълумотларни ошкор этиш”ни талаб қилди, деб ёзади Meduza.
Тёрнернинг сўзларига кўра, қўмита Конгресснинг барча аъзоларига “миллий хавфсизликка нисбатан жиддий таҳдидга алоқадор” ахборотни тақдим этган. Гап қандай “таҳдид” ҳақида бораётганига у аниқлик киритмади.
У Байдендан “Конгресс, маъмурият ва бизнинг иттифоқчиларимиз ушбу таҳдидга жавоб кўрсатиш учун зарур ҳаракатларни очиқчасига муҳокама қила олиши учун ушбу таҳдидга тааллуқли барча ахборотни ошкор этиш”ни сўради.
NBC News нашрининг Демократик партиядаги “таҳдиддан хабардор” манбасига кўра, бу “жиддий муаммо бўлиб, вазиятнинг беқарорлашувига олиб келиши ва миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин”. У буни “потенциал ташқи хавф” деб атади, аммо у қаердан келаётганига аниқлик киритмади.
CNN ўз манбаларига таяниб хабар беришича, таҳдид Россия билан боғлиқ. Телеканал суҳбатдошлари уни “жуда нозик” деб тавсифлади. Разведка маълумотлари билан таниш бўлган манба айтишича, “аслида бу хавотирли ва беқарорлаштирувчи Россия потенсиали бўлиб, бу ҳақда улар яқинда хабар топган”.
Reuters даъво қилишича, “таҳдид” Россияга ва “коинотдаги операцияларга алоқадор”. Бошқа тафсилотлар келтирилмаяпти.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан гап қандай таҳдид ҳақида бораётганини айтишдан бош тортди. У Тёрнер “жиддий хавф” ҳақида огоҳлантиришидан аввалроқ миллий хавфсизлик бўйича қўмиталар етакчи қонун чиқарувчилари билан шахсан боғланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, разведка масалалари бўйича ахборотни қабул қилувчи Конгресс етакчилари билан унинг учрашувлари 15 февралга режалаштирилган. Салливан қўшимча қилишича, Тёрнер жамоатчиликка қарата баёнот билан чиқиши уни ҳайрон қолдирган.
Politico журналисти Алекс Уорд Вакиллар палатаси разведка қўмитаси аъзоларига таяниб, “таҳдид” ҳақидаги маълумот “жиддий муаммолиги, аммо ўткир инқироз эмаслиги”ни маълум қилди.
Кейинроқ ABC News каналининг манбалари разведка маълумотлари Россиянинг коинотга ядро қуроли жойлаштириш режалари билан боғлиқлигини билдирди. “Гап уни Ерга ташлаш ҳақида эмас, балки сунъий йўлдошларга қарши қўллаш эҳтимоли ҳақида бормоқда”, — деб ёзди нашр.
Шарҳлар