АҚШ Москва биржаси ва МКМга қарши санкциялар жорий қилди
Америка Молия вазирлиги Москва биржасида савдога хизмат кўрсатувчи компаниялар – Миллий клиринг маркази ва биржадаги валюта операцияларида воситачи бўлган Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан блокировка қилувчи санкцияларни жорий этди.
Янгиланган рўйхатларга 30 дан ортиқ жисмоний ва 300 дан ортиқ юридик шахслар киритилган.
АҚШ Молия вазирлигининг пресс-релизида таъкидланишича, «Россия тўлиқ уруш иқтисодиётига ўтишни якунлагач, Ғазначилик асосий молиявий инфратузилма ва учинчи мамлакатларидан ёрдамидан фойдаланиш бўйича қатъий чораларни кўрмоқда».
“Россиянинг уруш давридаги иқтисодиёти халқаро молия тизимидан ажратилган, Кремль эса ташқаридан моддий ва технологик ресурсларга эга бўлишга интилмоқда, – дейди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен. – Бугунги чора-тадбирлар материаллар ва асбоб-ускуналар, шу жумладан учинчи мамлакатлардан муҳим етказиб бериш йўлларини тўсиб қўймоқда. Биз Россия ҳарбий иқтисодиёти билан шуғулланувчи молиявий институтлар учун хавфни оширамиз ва Россияга хорижий технология ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини бермаймиз”.
Шундай қилиб, Москва биржаси ва Миллий клиринг марказига (МКМ) нисбатан чекловлар жорий этилди. OFAC таъкидлашича, Москва биржаси ва бошқа молиявий институтлар, масалан, Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси (МҲКД) Россиянинг уруш давридаги иқтисодиётини қўллаб-қувватлагани учун санкцияга учраган. “Гознак”га нисбатан ҳам чекловлар жорий қилинган.
Янги иккиламчи санкциялар 14024-сонли Ижроия қарори асосида блокировка қилинган шахслар ва юридик шахслар, шу жумладан Россия банклари ВТБ ва “Сбербанк” билан ишловчи хорижий молия институтлари учун хавфни оширади. Яна бир чора Россиянинг бешта банки учун санкциялар рўйхатини янгилаш, хусусан Пекин, Шанхай, Гонконг, Бишкек, Мумбай ва Нью-Деҳлидаги чет эл ваколатхоналарини ўз ичига олади.
Бугунги чора-тадбирлар, шунингдек, Россиянинг суюлтирилган табиий газ (СТГ) сотишдан келадиган келажакдаги даромадларини чеклашга қаратилган. Хусусан, “Мурманск СПГ”га нисбатан чекловлар жорий этилган.
Чекловларга дучор бўлган юридик шахслар орасида Молия вазирлиги рўйхатига Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Болгария, Сербия, Жанубий Африка, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларусия ва Британия Виржиния оролларида фаолият кўрсатувчи компаниялар ҳам киритилган.
Шарҳлар