АҚШ Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши “санкцияларнинг йирик пакети”ни тайёрламоқда
Оқ уй 23 февраль куни Алексей Навальнийнинг ўлими ва Украинадаги урушга икки йил тўлиши муносабати билан Россияга қарши санкцияларнинг йирик пакетини эълон қилади. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби маълум қилди, деб ёзади Meduza.
“Россия ҳукумати дунёга қандай ҳикояни сўзлаб беришга қарор қилишидан қатъи назар, шу нарса аниқки, президент Путин ва унинг ҳокимияти Навальнийнинг ўлими учун жавобгардир”, — деди Кирби. У АҚШ Россиядан Навальний ўлими юз берган ҳолат бўйича “тўла шаффофлик”ни талаб қилишини қўшиб қўйди.
Чекловлар, унинг сўзларига кўра, “Россияни Навальний билан юз берган ҳодиса учун ва унинг Украинадаги уруш чоғидаги ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиши керак”. Кирби қўшимча қилишича, янги санкциялар Россия иқтисодиётини “бўғиш” бўйича давом этаётган хатти-ҳаракатларга асосланади, шунингдек, Навальнийнинг вафоти билан боғлиқ бир нечта муайян чекловларни ўз ичига олади, аммо у тафсилотларга тўхталмади.
Эслатиб ўтамиз, Ямал-Ненец округи бўйича ЖИФХ бошқармаси 16 февраль куни Навальний колонияда вафот этгани ҳақида эълон қилди. Сиёсатчининг жасади ўлим юз берган ҳолатни ўрганиш баҳонаси остида унинг оиласига берилмаяпти.
Аввалроқ Евроиттифоқ ва АҚШ етакчилари РФ президенти Владимир Путин Алексей Навальний қамоқхонада вафот этгани учун жавобгар бўлишини маълум қилганди. Кремлдагилар буни изоҳлар экан, судтиббийэкспертлар хулосалари ҳали бўлмагани сабабли, баёнотларни “ҳаддидан ошиш ва мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган” деб атади.
Алексей Навальнийнинг укаси Олег Навальний яна қидирувга берилгани маълум бўлган эди.
Сиёсатчининг беваси Юлия Навальная эса Россиядаги сайловларни тан олмасликни ва санкциялар режимини янада самаралироқ қилишни талаб қилди.
Шарҳлар