АҚШ Россия билан Украинада ўт очишни тўхтатиш ҳақида музокаралар олиб бормагани маълум қилинди
АҚШ ҳукумати россиялик ҳамкасблари билан Украинадаги низони тўхтатиш масаласида музокаралар олиб бормаган. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати “РБК”га маълум қилди.
“Биз “Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса” тамойилига содиқмиз. Биз Украинанинг ўз ҳудудини беришга мажбурланишини қўллаб-қувватламаган бўлардик. Россия бу урушни тўхтатиш йўли Вашингтон орқали ўтади, деб ўйлаши мумкин. Бу, албатта, нотўғри”, — дейилади Давлат департаменти хабарида.
Муассаса қўшимча қилишича, Россия очиқча шаклда низони якунлашга қизиқиш билдираётгани ҳақида ишоралар юборган, аммо Россия ҳукумати ўзининг дастлабки талабларидан воз кечишни кўзда тутувчи “қандайдир музокараларга киришиш”га тайёрлигини кўрсатувчи аломатлар йўқ.
Аввалроқ Reuters 2023 йилда Путин омма олдида ва воситачилар орқали, хусусан, Москванинг Яқин Шарқдаги араб шериклари ёрдамида Вашингтонга Украинада ўт очишни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигига ишора қилгани ҳақида хабар берганди.
Аммо АҚШ Россия президенти Владимир Путиннинг низони вақтинчалик тўхтатиб қўйиш (музлатиб қўйиш) мақсадида Украинада ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини рад этган.
Шарҳлар