АҚШ Россия коинотга ядро қуролини жойлаштириши юзасидан ишончи комил эмас — NYT
АҚШ Россиянинг сунъий йўлдошларни ишдан чиқариш учун орбитага ядро қуролини жойлаштириш бўйича режалари юзасидан ўз таҳлилларига ишончи унчалик комил эмас. Бу ҳақда The New York Times ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашрнинг АҚШ томонидан иттифоқдошларига юборилган ахборот билан таниш икки суҳбатдошига кўра, президент Владимир Путин бу ҳатто Россия қурилмаларини хавф остида қолдирса ҳам, шунчаки сунъий йўлдошлар фаолиятини ёппасига издан чиқариш таҳдидини янги тийиб туриш воситаси деб ҳисоблаши мумкин. Манбаларга қараганда, 2022 йил бошида Москва шундай тизимни синаб кўрган бўлиши мумкин, аммо у ҳақиқий бўлгани юзасидан шубҳалар бор.
Газета қайд этишича, АҚШнинг хавотири шунчалик кучлики, давлат котиби Энтони Блинкен Хитой ва Ҳиндистонни уларнинг сунъий йўлдошларига нисбатан хавф ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, Вашингтон ўз иттифоқдошларига Москва ўз қуролини бу йил ишга тушира олмаслигини, аммо безарар “қалбаки” жанговар каллакни жойлаштириши мумкинлигини билдирган.
Россия томонидан коинотга ядро қуроли жойлаштирилиши хавфи ҳақида Америка ОАВлари ва сиёсатчилари ўтган ҳафта бошидан буён гапириб келмоқда. Хусусан, 15 февраль куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Разведка бўйича қўмитаси раиси республикачи Майк Тёрнер баёнот эълон қилиб, “миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” ҳақида огоҳлантирди ва АҚШ президенти Жо Байдендан ушбу “таҳдид”га тааллуқли “барча маълумотларни ошкор этиш”ни талаб қилди.
Кейинроқ ABC News каналининг манбалари разведка маълумотлари Россиянинг коинотга ядро қуроли жойлаштириш режалари билан боғлиқлигини билдирди. “Гап уни Ерга ташлаш ҳақида эмас, балки сунъий йўлдошларга қарши қўллаш эҳтимоли ҳақида бормоқда”, — деб ёзди нашр.
Кремль эса Москванинг космосдаги янги ядро салоҳияти ҳақидаги АҚШнинг огоҳлантиришини рад этиб, буни “ёмон ниятли уйдирма” ва Оқ уйнинг америкалик қонунчилардан Россияга қарши курашиш учун кўпроқ маблағни тасдиқлатишга қаратилган ҳийласи деб атади.
Пентагон эса Россия туфайли деярли ҳар ҳафта сунъий йўлдош учиришга ваъда берди.
Шарҳлар