АҚШ Россия нефтини ташиган 17 та танкерга қарши санкциялар киритди
АҚШ Молия вазирлиги Либерия байроғи остида ҳаракатланган 17 та қуруқ юк ташувчи кемалар ва нефт ташувчи танкерларга қарши санкциялар киритганини эълон қилди, бунга улар белгиланган нарх чегарасини бузган ҳолда Россия нефтини ташигани сабабчи бўлган, деб ёзади Meduza.
Шунингдек, БААдаги Hennesea Holdings кемачилик компанияси ҳам санкциялар остига тушган, АҚШ Молия вазирлиги Чет эл активлари устидан назорат бошқармаси маълумотларига кўра, чекловлар киритилган кемалар унга тегишлидир.
“Бугунги хатти-ҳаракатлар яна бир бора шуни намойиш этадики, (Россия нефтига нисбатан) белгиланган нарх чегарасини бузган ҳар ким бунинг оқибатлари билан тўқнашади. Коалициямизнинг Кремлга ёрдам бераётганларни тўхтатиш борасидаги қатъиятига ҳеч ким шубҳа қилмаслиги керак”, — деди АҚШ Молия вазири ўринбосари Адевале Адейемо.
“Катта еттилик” ва Евроиттифоқ мамлакатлари 2022-йилда Россия нефтига нисбатан юқори нарх чегарасини жорий қилган — компанияларга Россиядан баррелига 60 доллардан қимматроқ сотиб олинган нефтни ташиш ва суғурта қилиш тақиқланган эди. Ғарб мамлакатлари қарорига Хитой ва Ҳиндистон қўшилмади, Россия чекловлар киритилганидан кейин ўз экспортининг қарийб 90 фоизини шу мамлакатларга қайта йўналтирган эди.
Шарҳлар