,

АҚШ: Россия ва Хитой сунъий йўлдошларни нишонга олиш учун қурол ишлаб чиққан

Фото: Getty Images

Россия ва Хитой бошқа космик қурилмаларни текшириш ва таъмирлаш учун мўлжалланган сунъий йўлдошларидан АҚШ космик объектларига зарбалар беришда фойдаланиши мумкин, деб ёзади Bloomberg АҚШ Космик кучлари (USSF) ҳисоботига таяниб.

Хитойнинг баъзи сунъий йўлдошлари, масалан, Sijian-17 ва Sijian-21 қўш функцияга эга; бу “сунъий йўлдошларга қарши синовларни топиш, тегишлилигини аниқлаш ва уларга қарши туриш” бўйича вазифаларни қийинлаштиради, деб ҳисоблайди USSF’дагилар.

Ҳисоботда даъво қилинишича, Россия ва Хитой “сунъий йўлдошлар фаолиятини бузиш ва уларни йўқ қилиш” учун қурол ишлаб чиқмоқда ва синовдан ўтказмоқда; Хитой АҚШ сунъий йўлдошларидаги датчикларга зарар етказишга қодир ер усти лазерларини яратмоқда ва тез орада уларни ишга тушириши мумкин. Шу билан бирга, ушбу мамлакатлар “дунё ҳамжамияти томонидан қораланмаслик учун, бу фаолиятни кўпинча бекитиб келади”, деб ёзади муаллифлар.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэньбинь унинг мамлакати “космик макондан тинч йўл билан фойдаланиш тарафдори” экани, АҚШ эса “хатарни бўрттириб”, Пекинни ёмонотлиқ қилаётганини айтди.

Bloomberg ёзишича, USSF ҳисоботида Американинг ўзида бўлган шундай ишланмалар тилга олинмайди. Масалан, Россия ва Хитой сунъий йўлдошлари ишига халал бериш учун мўлжалланган Meadowlands тизими. Уни 2022 йилдаёқ ишга тушириш режалаштирилган эди, аммо 2024 йил октябригача унинг фаолияти бошланмайди.

USSF маълумотларига кўра, 2022 йил ҳолатига, орбитада 7096 та сунъий йўлдош бўлган (таққослаш учун, 2002 йилда — 806 та). Шуларнинг 4,7 мингтаси АҚШга, 647 таси Хитойга, 199 таси эса Россияга тегишли, қолган 1,5 мингта сунъий йўлдош бошқа мамлакатларга тегишли.

Хитойнинг юзлаб сунъий йўлдошлари ҳарбийларга Америка авианосецлари ва экспедициявий зарбдор гуруҳларни кузатиш имконини беради, дейилади Космик кучлар ҳисоботида. Россиянинг масофадан зондлаш космик қурилмалари “дунёдаги энг самарадор ускуналардан бири”, аммо уларнинг сони АҚШ ва Хитойга нисбатан чеклангандир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.