,

АҚШ Сенати Украина ва Исроилга ёрдам ҳамда чегаралар ҳимояси тўғрисидаги 118 млрд долларлик қонун лойиҳасини тақдим этди

Фото: EPA

АҚШ Конгресси Сенати иккита партиянинг қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У Украина ва Исроилга кўмак учун ҳамда АҚШ жанубий чегарасини мустаҳкамлашга маблағлар ажратилишини бирлаштиради. Умумий сумма — 118 миллиард доллар. Президент Жо Байден ҳужжатни қўллаб-қувватлади. Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон қуйи палата ташаббусни маъқулламайди деб ваъда берди.

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • АҚШ чегараларини ҳимоя қилиш — 20,23 миллиард доллар;
  • Украинага ёрдам — 60,06 миллиард доллар;
  • Исроилга ёрдам — 14,1 миллиард доллар;
  • АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги, “Хитой томонидан тажовуз”га дуч келаётган шерикларига ёрдам — 4,83 миллиард доллар;
  • АҚШнинг Қизил денгизда хусийларга қарши миссиясини таъминлаш — 2,44 миллиард доллар;
  • Ғазо сектори, Иордан дарёси ғарбий қирғоғи ва Украина аҳолисига ёрдам — 10 миллиард доллар.

Сенатдаги республикачилар озчилиги етакчиси Митч Макконнелл республикачилар учун бундан яхши битим бўла олмаслигини айтди.

Сенатда демократлар кўпчилиги етакчиси Чак Шумер эса ушбу қонун лойиҳасидаги приоритетлар жуда муҳим экани, “сиёсатга уларнинг йўлини тўсиш учун имкон бериш” керак эмаслигини билдирди.

Жо Байден Конгрессни саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, зудлик билан ушбу битимни қабул қилишга чақирди. У 2023 йил кузидаёқ Конгрессга 106 миллиард долларлик қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф этганди. Пакет Украина, Исроил, Тайванга ёрдамни, шунингдек, жанубий чегарани мустаҳкамлашга маблағларни ўз ичига олганди. Ҳужжат бўйича Конгрессда келишувга эришилмади, шу сабабли Вашингтонда Киевга ёрдам бериш учун маблағлар қолмади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.