АҚШ сунъий интеллектга ядро қуроли устидан назоратни бермасликка чақирди
Қўшма Штатлар Пекин ва Москвани сунъий интеллект (СИ)нинг ядровий қуролдан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилишига йўл қўймасликка чақирди. Давлат департаменти вакилининг сўзларига кўра, АҚШ, Буюк Британия ва Франция аллақачон бундай мажбуриятни ўз зиммаларига олган, деб ёзади DW.
Вашингтон Хитой ва Россияни СИни ядро қуролидан фойдаланиш қарорларидан четлаштириш мажбуриятини олишга чақирмоқда. АҚШ Давлат департаментининг Қуролларни назорат қилиш бюроси раҳбарининг ўринбосари Пол Дин 2 май, пайшанба куни бўлиб ўтган онлайн-брифинг чоғида “Америка Қўшма Штатлари ядро қуролини тўлиқ назорат қилиш инсонга тегишли бўлиши кераклиги тўғрисида “аниқ ва қатъий” мажбурият олди: “Биз ядро қуролидан фойдаланиш қарорини ҳеч қачон сунъий интеллектга топширмаймиз”, – деди у.
Унинг сўзларига кўра, Франция ва Буюк Британия ҳам шундай қилган. Давлат департаменти матбуот котиби Хитой ва Россияни ҳам худди шундай йўл тутишга чақирди. «Биз Хитой ва Россия Федерациясининг шунга ўхшаш баёнотини кўришдан хурсанд бўлардик», – дея таъкидлайди Дин.
Сунъий интеллектга ядровий қуроллар устидан назоратни бермаслик мажбуриятини «масъулиятли хатти-ҳаракатларнинг ўта муҳим нормаси» деб атаб, у Хитой ва Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган шароитда бундай қарор «жуда мамнуният билан қабул қилинишини» айтди.
Шарҳлар