АҚШ Украинага замонавий ракеталар ва бомбалар билан F-16 самолётларини етказиб беришга қарор қилди

Фото: DVIDSHUB.NET

Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб, Қўшма Штатлар Украинага етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларини замонавий зарба тизимлари, жумладан, ракеталар ва бомбалар билан жиҳозлашга қарор қилгани ҳақида хабар беради.

Нашрнинг таъкидлашича, самолёт қандай конфигурацияда етказилиши масаласи узоқ вақт давомида ҳал этилмаган.

Биринчи босқичда Киев Дания ва Нидерландиядан F-16 қирувчи самолётларини қабул қилиши керак. Украина Қуролли кучларида дастлабки шундай самолёт шу йил ёзда пайдо бўлиши кутилмоқда. Бельгия ва Норвегия ҳам қирувчи самолётларни юборади.

Бироқ, Европа давлатлари Украинага қирувчи самолётлар учун ўз ракеталарини юборишни истамаяпти, чунки бундай ўқ-дорилар захиралари чекланган.

Энди эса, хабарда айтилишича, Қўшма Штатлар самолётларни замонавий тизимлар билан қуроллантириш йўлини топди: европалик иттифоқчилар Қўшма Штатлардан зарур ракета ва бомбаларни биргаликда сотиб олиш учун фонд яратиши мумкин бўлади.

Хусусан, WSJ маълумотларига кўра, F-16 қирувчи самолётлари AGM-88 HARM “ҳаво-ер” ракеталари, JDAM тизимлари (улар бошқарилмайдиган бомбаларни “ақлли” ўқ-дориларга айлантиради), ўрта масофага мўлжалланган AMRAAM ракеталари ва қисқа масофали AIM-9Х  “ҳаво-ҳаво” ракеталари билан жиҳозланади. ҳаво».

F-16 қирувчи самолётларининг УҚК томонидан фойдаланилиши бир қанча муҳим муаммолар, жумладан, учувчиларни тайёрлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва қўллаш мақсадлари билан боғлиқ.

Аввалроқ, Украина F-16 учувчиларини тайёрлашнинг секин суръатидан шикоят қилганди, бу Ғарб мамлакатларидаги мактабларда ўрин етишмаслиги билан боғлиқ. Ғарб расмийлари Украинага самолёт жўнатишнинг кечикишини айнан шу омил билан изоҳлади, дейилади хабарда

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.