АҚШ Вакиллар палатаси Халқаро жиноий судга қарши санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади
АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Вашингтон ва унинг иттифоқчиларига қарши ишларни кўриб чиққанлиги учун Халқаро жиноий судга (ХЖС) қарши санкциялар қўллаш имкониятини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.
Ҳужжатни 247 конгрессмен – 205 республикачи ва 42 нафар демократ қўллаб-қувватлади. АҚШ Демократик партиясининг 155 нафар вакили ташаббусга қарши чиқди.
Қонун лойиҳасига кўра, АҚШ ҳукумати америкаликлар ёки АҚШнинг иттифоқчи давлатлари фуқароларининг ХЖС томонидан таъқиб қилишда иштирок этган шахсларга нисбатан санкциялар қўллаши мумкин бўлади. Бундай шахсларга, жумладан ХЖС расмийларига, АҚШга киришни тақиқлаш, уларни АҚШ визаларидан маҳрум қилиш ва Америкада кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.
Республикачи конгрессменлар ушбу қонун лойиҳасини ХЖС прокурори Карим Хон май ойида Исроил бош вазири ва Исроил мудофаа вазирини ҳамда ХАМАСнинг уч етакчисини ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилганидан кейин Конгрессга кўриб чиқиш учун киритганди.
Шарҳлар