АҚШ ўз иттифоқдошларини Россия коинотга ядро қуроли жойлаштириши ҳақида огоҳлантирган — ОАВ

Foto: “RIA Novosti”

АҚШ ўз иттифоқдошларини Россия шу йилиёқ коинотга сунъий йўлдошга қарши ядро қуролини ёки жанговар каллак макетини жойлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Агентлик суҳбатдошлари аниқлик киритишича, Москва “жорий ҳисоб-китоблар бўйича” ҳозирча қандайдир орбитал қуролни портлатишни режалаштирмаяпти. Бироқ авария хавфи мавжуд бўлиб, ядровий портлаш алоқага сезиларли даражада зиён етказиши мумкин, бу эса Ерга яқин сунъий йўлдошларнинг тахминан учдан бир қисмига таъсир ўтказиши мумкин.

Манбалардан бири коинотда ядро қуроли портлаши оқибатлари жанговар каллакнинг катталигига боғлиқ бўлишини, сунъий йўлдошлар йўқ бўлиб кетмаса-да, катта кўламли ишдан чиқишларга сабаб бўлишини айтди.

Россия томонидан коинотга ядро қуроли жойлаштирилиши хавфи ҳақида Америка ОАВлари ва сиёсатчилари ўтган ҳафта бошидан буён гапириб келмоқда. Хусусан, 15 февраль куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Разведка бўйича қўмитаси раиси республикачи Майк Тёрнер баёнот эълон қилиб, “миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” ҳақида огоҳлантирди ва АҚШ президенти Жо Байдендан ушбу “таҳдид”га тааллуқли “барча маълумотларни ошкор этиш”ни талаб қилди.

Кейинроқ ABC News каналининг манбалари разведка маълумотлари Россиянинг коинотга ядро қуроли жойлаштириш режалари билан боғлиқлигини билдирди. “Гап уни Ерга ташлаш ҳақида эмас, балки сунъий йўлдошларга қарши қўллаш эҳтимоли ҳақида бормоқда”, — деб ёзди нашр.

Кремль эса Москванинг космосдаги янги ядро салоҳияти ҳақидаги АҚШнинг огоҳлантиришини рад этиб, буни “ёмон ниятли уйдирма” ва Оқ уйнинг америкалик қонунчилардан Россияга қарши курашиш учун кўпроқ маблағни тасдиқлатишга қаратилган ҳийласи деб атади.

Пентагон эса Россия туфайли деярли ҳар ҳафта сунъий йўлдош учиришга ваъда берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.