АҚШда аномал совуқ оқибатида 89 киши ҳалок бўлди
АҚШда аномал совуқ, қор ва кучли шамол оқибатида камида 89 киши ҳалок бўлди, деб хабар беради CBS News телеканали.
Теннессида 25 киши, Орегонда 16 киши (уларнинг уч нафари машина устига дарахт қулаб тушишидан жароҳат олган) нобуд бўлди. Қийин об-ҳаво шароитлари туфайли ўлим ҳолатлари Иллинойс, Пенсильвания, Миссисипи, Вашингтон, Кентукки, Висконсин, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида ҳам қайд этилди.
Канададан кириб келган совуқ Арктика ҳавоси сабабли 13—14 январь кунлари АҚШда ҳарорат рекорд даражада паст кўрсаткичгача тушиб кетди ва нормадан 11—16 даража пастда бўлди.
Хусусан, Чикагода ҳаво -34 даражагача совиб кетди, штатда мактаблар ишлашдан тўхтади. Монтанада термометр -40 даражани кўрсатди, Миллий метеорология хизмати ҳудудда ҳаво -56 даражагача совиб кетиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди.
CBS News хабарига кўра, Орегоннинг ғарбий қирғоқларида музли бўрон туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган бўлиб, унинг оқибатида 45 мингдан зиёд абонентлар электр токисиз қолган. Электр энергияси билан боғлиқ муаммолар Пенсильвания, Калифорния, Нью-Мексико ва Индианада ҳам қайд этилган.
Телеканал маълумотларига кўра, Америка штатларида шу ҳафта ўрталарида ҳаво исиши кутилмоқда.
Шарҳлар