,

АҚШда биринчи марта маҳбус азот ёрдамида қатл этилди

Фото: EPA

Американинг Алабама штатида мамлакат тарихида биринчи марта маҳбус азот ёрдамида қатл этилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ҳукумат бу усулни қатлнинг бошқа турларига нисбатан инсонийроқ деб ҳисоблайди. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса уни “шафқатсиз ва тажрибавий” деб атади.

58 ёшли Кеннет Южин Смит 25 январь куни 20:25 да (Тошкент вақти билан 26 январь 7:25 да) Алабама қамоқхонасида вафот этган. Унга ниқоб кийдирилиб, кислород етишмаслиги ҳолатини юзага келтириш учун у орқали соф азот юборилган. Қатл 22 дақиқа давом этган.

1982 йилдан эътиборан АҚШда ўлим инъекцияларидан фойдаланиш бошланганидан буён, бу мамлакатда қатлнинг янги турини қўллаш билан боғлиқ биринчи ҳолатдир. Алабама губернатори Кей Айви айтишича, Кеннет Южин Смит 1988 йилда содир этган ёлланма қотиллик жинояти учун жазоланиб қатл этилган. Штат бош прокурори Стив Маршал азот ёрдамидаги қатл “самарали ва инсоний услуб” сифатида исботланганини таъкидлади.

Қатлдан олдин Кеннет Южин Смитнинг адвокатлари давлат маҳбусдан тажриба қуёнчаси сифатида фойдаланаётгани, бу эса шафқатсиз жазоларга нисбатан конституциявий тақиқни бузишини айтганди. АҚШ Олий суди аъзоси Соня Сотомайор танланган жазо усулидан норози бўлиб, бундай услуб “одамни конституцияга зид оғриқ рискига дучор қилиши”ни айтди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.