АҚШнинг Канзас-Сити шаҳрида оммавий отишма содир бўлди (фото)
АҚШнинг Миссури штати Канзас-сити шаҳрида оммавий отишма юз берди, оқибатда бир киши ҳалок бўлди, деб хабар беради “РБК”.
NBC телеканали шаҳар ёнғин хизматига таяниб маълум қилишича, отишмада 20 киши жабрланган. ABC телеканали 21 нафар жабрланувчи ҳақида хабар қилган.
CNN телеканали 22 киши яралангани ҳақида маълум қилмоқда. Хабарларга кўра, бу АҚШда 2024 йил бошидан буён 48-марта шундай ҳодиса юз беришидир.
ABC қайд этишича, отишма “Канзас-сити Чифс” жамоаси Миллий футбол лигаси (NFL, америка футболи) финал ўйини — Супербоулда ғолиб чиққани муносабати билан тантанали юриш бўлиб ўтган Юнион-Стейшн вокзалидан ғарб томонда бошланган. Телеканал маълумотларига кўра, тантанада шаҳарнинг 1 миллион нафаргача аҳолиси қатнашиши керак эди.
Канзас-сити полицияси бошлиғи Стейси Грейвс маълум қилишича, ҳодисадан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари уч нафар гумонланувчини қўлга олган.
Шаҳар ёнғин хавфсизлиги вакили аниқлик киритишича, ўқотар қуролдан жабрланганлар касалхонага ётқизилган. 15 киши ҳаёт учун хавф туғдирадиган даражада яраланган.
Шаҳар болалар касалхоналаридан бири телеканалга хабар қилишича, жабрланганлар орасида 12 нафар бола бор, уларнинг 9 нафари ўқотар қуролдан яраланган.
Парадда хавфсизлик қарийб 800 нафар куч ходимлари томонидан таъминланган. Канзас-сити мэри Куинтон Лукас ҳодисадан кейин янграган танқидларга жавобан: “Мана, қурол қандай оқибатларга олиб келади”, — деди. У полициячилар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот ходимларини мақтаб, парадда ўта тиришқоқлик билан ишлаганини қайд этди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари тергов ҳодисани теракт эмас, оддий жиноят сифатида кўриб чиқишга мойиллик билдираётганини маълум қилди.
Шарҳлар