,

Афғонистонда ҳалокатга учраган Falcon 10 самолёти учувчиларининг гувоҳномалари бекор қилинди

Фото: ТАСС

20 январь куни Афғонистон тоғларида ҳалокатга учраган Falcon 10 экипажи аъзоларининг хусусий учувчилик тўғрисидаги гувоҳномалари бекор қилинди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

“Росавиация” маълумотларига кўра, учувчилар бизнес-жетни бошқариш бўйича ўқув курсини битиргани ҳақида сохта ҳужжаталр тайёрлаган. Бундан ташқари, самолётда техник хизмат кўрсатиш бўйича 15 дан ортиқ мажбуриятлар бажарилмагани аниқланган.

Учувчилар Дмитрий Беляков ва Аркадий Грачёвнинг ҳужжатларида айтилишича, улар АҚШдаги Flight Safety International авиация ўқув марказида Falcon 10 да учишга тайёргарликдан ўтган. Шунинг асосида “Росавиация” уларга хусусий учувчилик фаолияти учун гувоҳнома берган. Бироқ ушбу марказда шу самолётда учиш бўйича ўқув дастури “Росавиация” томонидан маъқулланмаган. Бундай маъқуллашсиз Америка маркази россиялик учувчиларни ўқитиши мумкин бўлмаган.

“Известия” газетасининг Транспорт вазирлигидаги манбасига кўра, Беляков ва Грачёв Flight Safety International’да тайёргарликдан ўтмаган. Марказдагилар буни тасдиқлаган.

Гая (Ҳиндистон) — Тошкент — Жуковский (Россия) йўналиши бўйича чартер санитар рейсини амалга ошираётган самолёт 21 январь, якшанбага ўтар кечаси Афғонистон шимоли-шарқида радарлардан ғойиб бўлган эди. Falcon 10 бортида олти киши — тўрт нафар экипаж аъзоси ва икки йўловчи бўлган.

Кейинроқ “Росавиация” Россиянинг Кобулдаги элчихонасига таяниб, ҳалокат жойида тўрт киши тирик ҳолатда топилганини маълум қилганди.

Маълум бўлишича, самолётнинг двигателлари ишламай қолган, шундан кейин у тоғ қияликларига қулаган. Тўрт киши (икки учувчи ва икки тиббий ходим) тирик қолган, улар Кобулга етказилган ва тиббий ёрдам кўрсатилган.

26 январь куни Афғонистонда Falcon 10 самолёти ҳалокатида омон қолган россияликлар Россияга етиб келди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.