,

Афғонистондаги авиаҳалокатда омон қолган россиялик учувчи самолётдан 1 млн доллар ўғирланганини рад этди

Аркадий Грачёв. Фото: ТАСС

Афғонистонда ҳалокатга учраган Falcon 10 бизнес-жети учувчиси Аркадий Грачёв самолётни тоғ чўққисига қўндиришга муваффақ бўлишгани ҳақида гапириб берди. Шунингдек, у бортда 1 миллион доллар пул бўлганини рад этмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу шахсий пул бўлиб, унинг бир қисми ёрдам бериш учун етиб келган маҳаллий аҳолига тарқатилган.

“Афғон халқининг ўзига хос жиҳати шундаки, улар ёрдамга келганида, миннатдорчилик билдириш зарур. Албатта, биз уларга бироз миқдорда пул бердик”, — деди Грачёв Москванинг Внуково аэропортида етиб келганидан кейин журналистлар билан суҳбатда.

Аркадий Грачёв самолёт ҳақиқатан ҳам тоғ чўққисига қўнганини тасдиқлади. Ҳалокатга техник муаммолар сабаб бўлди, деди у. Омон қолган россияликлар ярим суткадан кўпроқ вақт мобайнида совуқда қолган, исиниш учун эса улар, ҳатто, пойабзаллари ипларини ҳам ёққан. Баъзи жабрланувчилар ёрдам етиб келганидан кейин ҳаракатланолмай қолган, уларни судраб олиб кетишга тўғри келган.

Тирик қолган иккинчи учувчи Дмитрий Беляков самолёт қулашига “ёнилғи билан муаммо” сабаб бўлгани эҳтимолини илгари сурди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда Falcon 10 самолёти ҳалокатида омон қолган россияликлар Россияга етиб келди.

Гая (Ҳиндистон) — Тошкент — Жуковский (Россия) йўналиши бўйича чартер санитар рейсини амалга ошираётган самолёт 21 январь, якшанбага ўтар кечаси Афғонистон шимоли-шарқида радарлардан ғойиб бўлган эди. Falcon 10 бортида олти киши — тўрт нафар экипаж аъзоси ва икки йўловчи бўлган.

Кейинроқ “Росавиация” Россиянинг Кобулдаги элчихонасига таяниб, ҳалокат жойида тўрт киши тирик ҳолатда топилганини маълум қилганди.

Маълум бўлишича, самолётнинг двигателлари ишламай қолган, шундан кейин у тоғ қияликларига қулаган. Тўрт киши (икки учувчи ва икки тиббий ходим) тирик қолган, улар Кобулга етказилган ва тиббий ёрдам кўрсатилган.

Аввалроқ Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида ҳалокатга учраган Россия самолётидан 1,2 миллион доллар пул ўғирлангани маълум бўлган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.