,

Афғонистондаги авиаҳалокатда омон қолган россияликлар Москвага етиб келди

Фото: Shutterstock

Афғонистонда Falcon 10 самолёти ҳалокатида омон қолган россияликлар Россияга етиб келди. Уларнинг самолёти Внуково аэропортига қўнди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Рейс 8:30 да Дубайдан Москвага етиб келган. Бортда авиаҳалокатда омон қолган икки учувчи ва икки шифокор бўлган.

Гая (Ҳиндистон) — Тошкент — Жуковский (Россия) йўналиши бўйича чартер санитар рейсини амалга ошираётган самолёт 21 январь, якшанбага ўтар кечаси Афғонистон шимоли-шарқида радарлардан ғойиб бўлган эди. Falcon 10 бортида олти киши — тўрт нафар экипаж аъзоси ва икки йўловчи бўлган.

Аввалроқ “Росавиация” Россиянинг Кобулдаги элчихонасига таяниб, ҳалокат жойида тўрт киши тирик ҳолатда топилганини маълум қилганди.

Кейинроқ маълум бўлишича, самолётнинг двигателлари ишламай қолган, шундан кейин у тоғ қияликларига қулаган. Тўрт киши (икки учувчи ва икки тиббий ходим) тирик қолган, улар Кобулга етказилган ва тиббий ёрдам кўрсатилган.

Аввалроқ Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида ҳалокатга учраган Россия самолётидан 1,2 миллион доллар пул ўғирлангани маълум бўлган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.