Афғонлар Франкфуртдаги Покистон элчихонасига ҳужум қилди
Афғонлардан иборат оломон Франкфуртдаги Покистон консуллигини тошбўрон қилиб, мамлакат байроғини йиртиб ташлагани учун Покистон Германияга норозилик билдирди.
Бу ҳақда Покистон ташқи ишлар вазирлиги баёнот берган.
“Покистон экстремистик жиноий гуруҳ томонидан ўзининг Франкфуртдаги консуллигига қилинган кечаги ҳужумни, шунингдек, Германия расмийларининг ўз консуллик бинолари дахлсизлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилмаганини кескин қоралайди”, — дейилади баёнотда.
Дипломатик департамент бу воқеа консуллик ходимлари ҳаётини хавф остига қўйганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Покистон ТИВ 1963 йилдаги Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясини эслатиб ўтади, унга кўра қабул қилувчи давлат ҳукумати консуллик биноларининг дахлсизлигини ҳимоя қилиш, шунингдек, дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун масъулдир.
“Биз Германия ҳукуматини Вена конвенциялари бўйича ўз мажбуриятларини бажариш ва Покистоннинг Германиядаги дипломатик ваколатхоналари ва ходимлари хавфсизлигини таъминлаш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирамиз”, — дейилади вазирлик хабарида.
Департамент, шунингдек, Германия расмийларини жиноятчиларни ҳибсга олиб, жавобгарликка тортишга чақирган.
Афғонистон ва Покистон ўртасидаги можаро 2024 йилнинг март ойида авж олган. Бунга Исломободнинг Афғонистондаги террорчилик ташкилоти жангариларининг Покистондаги терактларда иштирок этгани тахмин қилинаётган нишонларига зарбалар бергани сабаб бўлган. Қобулнинг айтишича, зарбалар натижасида тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, Покистон 2023 йилда ҳужжатсиз хорижликларни депортация қилган. 600 мингдан ортиқ афғон фуқаролари мамлакатдан чиқариб юборилган.
Шарҳлар