Афғонистонда аёллар хиёнат қилганлик учун тошбўрон қилиб ўлдириладиган бўлди
“Толибон” ҳаракатининг олий етакчиси Ҳайбатулло Охунзода Афғонистон хиёнат қилганлик учун аёлларни омма олдида савалаш ва тошбўрон қилиб ўлдириш усулига қайтишини эълон қилди, деб ёзади “РБК”.
У буни аёллар ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайдиганларни “шайтоннинг хизматчилари” деб атади.
Толиблар етакчиси омма олдидаги қатлларга қайтиш орқали Ғарб таъсирига қарши кураш давом эттирилишини таъкидлади.
Afghan Witness лойиҳаси маълумотларига кўра, “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан кейин улар томонидан тайинланган судялар омма олдида савалаш ва жазолаш ҳақида жами 417 та қарор чиқарган бўлиб, шуларнинг 57 таси аёлларга нисбатандир.
2021 йил августида АҚШ бошчилигидаги Ғарб коалитсияси Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб кетганидан кейин толиблар яна ҳокимият тепасига келган эди. Шундан сўнг улар шафқатсиз қонунлар ўрната бошлади. Хусусан, аёлларга ўрта мактабда ўқиш, университетларда таҳсил олиш, паркларда эркаклар билан бир кунда сайр қилиш, кўчага бурқасиз чиқиш, жамоат ҳаммомларига, спорт залларига бориш, машинага ҳижобсиз ўтириш ва ҳамроҳсиз юриш, савдо марказларида ишлаш ва гўзаллик салонларига бориш тақиқланди.
Шарҳлар