Африка жанубида 68 миллион одам қурғоқчиликдан азият чекмоқда
Африка қитъасининг жанубий қисмида тахминан 68 миллион киши бутун минтақада экинларни нобуд қилган Ал-Ниньо сабаб, қурғоқчилик таъсиридан жабрланмоқда.
“Reuters” агентлиги хабар беришича, 2024 йил бошланган қурғоқчилик қишлоқ хўжалиги экинларига, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш жараёнига, умумий иқтисодиётга зарар етказган ва озиқ-овқат тақчиллигини келтириб чиқарган.
Жанубий Африка Ривожланиш ҳамжамияти (SADC)га аъзо 16 давлат раҳбарлари Зимбабве пойтахти Харареда минтақавий муаммолар, жумладан озиқ-овқат хавфсизлигини муҳокама қилиш учун учрашган.
SADC ижрочи котиби Элиас Магоси қайд этишича, минтақа аҳолисининг 17 фоизи ёрдамга муҳтож. 2024 йилги ёмғирли мавсум жуда оғир кечиб, аксарият ҳудудлар кеч бошланган Ал-Ниньо феноменига дуч келган. Бу Жанубий Африкада сўнгги йилларда кузатилган энг ёмон қурғоқчилик ҳисобланмоқда. Ал-Ниньо ҳодисаси Тинч океани шарқий қисмидаги ғайритабиий даражада илиқ сув глобал об-ҳаво шароитини ўзгартирганда, иссиқхона гази чиқиндиси таъсирида юзага келган юқори ўртача ҳарорат бирикмасидан келиб чиққан. Зимбабве, Замбия, Малави каби давлатлар аллақачон очлик инқирозининг фалокатли даражасини эълон қилган. Лесото ва Намибия эса жаҳон ҳамжамиятидан инсонпарварлик ёрдами сўраган.
«Май ойида минтақа қурғоқчиликка қарши курашиш учун 5,5 миллиард долларлик гуманитар ёрдам сўраб мурожаат қилди, аммо ҳеч қандай хайрия олинмади», – дейди SADC раиси, Ангола Президенти Жоао Лоуренсо.
Шарҳлар