Африкада фил туристларни олиб юрган машинага ҳужум қилди
Замбияда, “Кафуэ” миллий боғида фил сафаридаги сайёҳларга ҳужум қилган, натижада 80 ёшли америкалик аёл ҳалок бўлган. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар беради.
Гувоҳлар томонидан олинган кадрларда ҳайвон сайёҳлар кетаётган юк машинасининг орқасидан бораётгани акс этган. Ҳайдовчи машинани орқага бурмоқчи бўлади, лекин йўлда тиқилиб қолади. Шунда тажовузкор фил машинага етиб олиб, уни хартуми билан ерга ағдаради.
Натижада кекса аёл ҳалок бўлган, бир киши касалхонага ётқизилган, яна тўрт киши енгил жароҳатлар билан қутулиб қолган, деб ёзади нашр.
Раҳбариятнинг таъкидлашича, уларнинг барча сафари гидлари тажрибали ва яхши ўқитилган, аммо фожиали бахтсиз ҳодиса туфайли ушбу сайёҳларнинг йўналиши тўсилиб қолган ва улар филдан қочишга улгурмаган.
“Кафуэ” миллий боғи бутун Замбиядаги энг катта қўриқхона ҳисобланади. У деярли 22,400 км² майдонни эгаллаган бўлиб, Африканинг “катта бешлиги” – шер, леопард, фил, буйвол ва каркидон учун уй ҳисобланади. Африкада филлар йилига 500 га яқин одамни ўлдиради.
Шарҳлар