Лукашенко Беларусда ўлимга ҳукм қилинган Германия фуқаросини афв этди
Беларусь президенти Александр Лукашенко Минск яқинидаги темир йўл станцияси портлатилиши ҳақидаги иш бўйича ўлим жазосига ҳукм қилинган Германия фуқароси Рико Кригерни афв этди, деб ёзади Медуза. Бу ҳақда Лукашенко матбуот хизматига алоқадор “Пул первого” Телеграм-канали маълум қилган.
Кригерга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳақида 19 июнь куни маълум бўлганди. Минск суди унга бир қатор жиноятларда айблов бўйича олий жазо — отиб ўлдириш жазосини тайинлади. Кригер ёлланиш, агентура фаолияти, террористик ҳаракат, “экстремистик гуруҳ” тузиш, ўқотар қурол ва портловчи моддаларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар ҳамда транспорт воситаси ёки қатнов йўлларини қасддан яроқсиз ҳолатга келтириш каби олтита модда бўйича айбдор деб топилди.
Бир неча кундан кейин Беларусь давлат телевидениеси Кригер ҳақида сюжет эълон қилди, унда Кригер панжара ортида ўтириб, бир йил аввал ёлланма жангчилар хорижий легионига санитар бўлиб ишга кириш учун Украинага кетишга қарор қилгани ҳақида гапириб берган.
30 июль куни Кригер афв этишни сўраб Лукашенкога мурожаат қилгани хабар берилди. Шу муносабат билан Беларусь президенти Кригернинг иши бўйича “суд жараёни билан банд бўлган одамларни суҳбатга чақирган”и маълум бўлди.
Шарҳлар