“Россиянинг дўстлари” — Хитой, Саудия Арабистони ва Индонезия Евроиттифоқдан Россия активларини мусодара қилмасликни сўрамоқда

Фото: Максим Стулов / Ведомости

Россияга ён босаётган мамлакатлар Евроиттифоқни Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишдан бош тортишга чақирмоқда. Бундай даъват билан Хитой, Саудия Арабистони ва Индонезия алоҳида чиқишлар қилган, деб ёзади Politico ўз манбаларига таяниб.

Ушбу учта давлат Евроиттифоқ вакилларига мурожаат қилиб, Россия активларини мусодара қилишни талаб этиб туриб олган “АҚШ ва Буюк Британия томонидан бўлаётган босимга қаршилик кўрсатиш”га чақирган.

Хитой, Индонезия ва Саудия Арабистони Россия давлат активларининг мусодара этилиши “прецедент яратиши”дан ва ўзлари кейинги давлатга айланишидан хавфсирамоқда.

“Руслар ўз дўстларидан шундай ғавғо кўтаришни сўраган бўлиши мумкин”, — деди Евроиттифоққа кирмайдиган мамлакатнинг юқори мансабли дипломати.

Шунингдек, бу давлатлар Россия активларининг мусодара қилиниши Россия-Украина урушини янада узайтириб, уларни низода кимнингдир томонини олишга мажбур қилади, деб ҳисоблаётган бўлиши ҳам мумкин, дейилади хабарда.

Россия Украина билан уруш бошлаганидан буён Ғарбда 280 миллиард еврога яқин маблағ музлатилган ҳолатда турибди. Уларнинг катта қисми (қарийб 210 миллиард евро) Евроиттифоқда, шу жумладан, нақд пул ва давлат облигациялари шаклида сақланмоқда. Евроиттифоқ ҳукумати камида 2022 йил кузидан буён ушбу маблағлардан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Аввалроқ АҚШ “Катта еттилик” (G7) бўйича иттифоқдошларига музлатилган Россия активларидан тушган фойда билан таъминланган 50 миллиард долларлик облигациялар чиқариш учун механизм яратишни таклиф қилганди. Тушган маблағларни Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш таклиф этилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.