Александр Стубб Финляндия президенти сайловида ғолиб бўлди
Миллий коалиция партиясидан номзод Александр Стубб Финляндия президенти сайловининг иккинчи босқичида ғолиб бўлди, деб хабар беради Yle Финляндия Адлия вазирлиги маълумотларига таяниб. Барча бюллетенлар ҳисоблаб чиқилгач, у овозларнинг 51,6 фоизини тўплагани маълум бўлди. Пекка Хаависто эса 48,4 фоиз овоз йиғди.
Сайловларнинг биринчи босқичи Финляндияда 28 январь куни бўлиб ўтганди. Ўшанда номзодлардан ҳеч бири 50 фоиздан кўп овозни қўлга кирита олмаганди. Стуббга сайловчиларнинг 27,2 фоизи, Хаавистога эса 25,8 фоизи овоз берганди.
Александр Стубб 55 ёшда, у 2014—2015 йилларда Финляндия бош вазири бўлиб ишлаган. Шунингдек, ташқи ишлар вазири (2008—2011), Евроиттифоқ ва ташқи савдо масалалари бўйича вазир (2011—2014) ҳамда молия вазири (2015—2016) лавозимларини эгаллаган. Шунингдек, 2004—2008 йилларда Европарламент депутати бўлган. Стубб ҳукмрон “Миллий коалиция” ўнг партияси аъзоси ҳисобланади.
65 ёшли Пекка Хаависто эса ташқи ишлар вазири (2019—2023), Финляндияни ривожлантириш масалалари бўйича вазир (2013—2014), Финляндияни ривожлантириш ва атроф-муҳит вазири (1995—1999) лавозимларида ишлаган бўлиб, “Яшил иттифоқ” партияси раисидир.
Шарҳлар