“Алмата — бу бизнинг шаҳар”. Давлат думасининг вице-спикери қозоқларни Россиядан сунъий ажралиб чиқиш истаги борлигида айблади
Давлат Думаси спикерининг ўринбосари Пётр Толстой “КП” радиосига берган интервьюсида кўплаб давлатлар Россия “Украина мавзусини қандай ёпаётганини” кузатаётганини айтди. Агар Россия уни «ёпмаса», унда Қозоғистон, Арманистон ва бошқа қўшни давлатлар билан муаммога дуч кела бошлайди.
Бошловчининг Россиянинг Қозоғистон билан қандай муаммолари бўлиши мумкинлиги ҳақида саволига, Толстой: «У ерда қандайдир бир қозоқ давлати қурилмоқда», «мустақиллик ҳақидаги миллий мифология гуллаб-яшнамоқда», дея тушунтирган. Мисол тариқасида, Толстой бошловчига Қозоғистон расмийларининг лотин алифбосига ўтиш ғоясини диққат билан кўриб чиқишни маслаҳат берди.
Депутат қозоқларни ўз тарихини “қайта ёзгани” учун қоралашда давом этди: “Мен Павлодардаги рус ўқитувчилари бу шаҳарни руслар қурган, дейишганида, уларни кечирим сўрашга мажбур қилишларига қаршиман. Мен уларнинг Алмата бизнинг Верний шаҳримиз, рус казаклари қалъамиз эканлигини унутишларига қаршиман.
“Сиз ерингизни Хитойга, барча қазилма бойликларни эса инглизларга сотган бўлсангиз ҳам, барибир қўшнилардан ажралишга ҳаракат қилиш керак эмас, қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш лозим… Биз уларни қутқардик”, – дейди Толстой 2022 йил январида Қозоғистонга намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тартибсизликлар ва тўқнашувлар фонида КХШТ қўшинларининг киритилишига ишора қилиб.
Тинчликпарварлик миссияси деб аталган КХШТ ҳарбий миссияси бир ҳафта давом этди ва шу вақт ичида мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида намойишчиларнинг маъмурий биноларни эгаллаб олишга уринишлари қайтарилди.
Толстойнинг сўзларига жавоб реакцияси ўзини куттириб ўтирмади. Мамлакат парламентининг депутати Мурат Абенов Россия парламенти вице-спикерининг баёнотларини “провокацион” ва Россия учун зарарли деб атади. Қозоғистон Сенати спикери Маулен Ашимбаев эса Толстой хусусий шахс сифатида бу ҳақда гапириши мумкин, деган фикрни билдирган.
Шарҳлар