Қирғизистонда йиртқич динозаврларнинг янги тури топилди
Мюнхендаги Палеонтология музейи олимлари қирғизистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда мамлакат ғарбидаги Тошкўмир шаҳри яқинидаги тоғ-чўл ҳудудида теропод гуруҳига кирувчи йиртқич динозабрларнинг янги турини аниқлади, деб ёзади “Zakon.kz”.
Жонзотга Alpkarakush kyrgyzicus номи берилди. Илмий нашрда эълон қилинган мақолада айтилишича, бу республика ҳудудида топилган биринчи теропод динозаврдир. У қирғизларнинг “Манас” эпосидаги улкан афсонавий қуш — Алпкаракуш шарафига номланган.
Динозаврнинг тошга айланган қолдиқлари тахминан 165 миллион йил аввал, ўрта юра даврида ҳосил бўлган Балбансой тоғ жинслари қатламларидан ажратиб олинган. Таҳлиллар кўрсатишича, динозаврнинг узунлиги қарийб тўққиз метрга етган, шунингдек, у қошлари — кўз косаси юқорисидаги йирик суяк бўртмалари билан ажралиб турган.
Янги тур метриакантозавридларга тегишли бўлиб, Шарқий Осиё йирик йиртқич динозаврлари билан чамбарчас боғлиқ. Улар ва тероподларнинг бошқа муҳим гуруҳлари Жануби-Шарқий Осиёдан Марказий Осиё ва Европа орқали бошқа қитъаларга ҳам тарқалган.
Шарҳлар