Америка F-16 самолётларининг биринчи партияси Украинага етиб келди

Фото: Bloomberg

НАТО давлатларидан F-16 қирувчиларининг биринчи транши Украинага етиб келди. Бу ҳақда Bloomberg хабар беради.

Манбаларга кўра, Америка жанговар самолётлари режа бўйича ой охирига етиб келган, бироқ уларнинг сони ҳали ҳам оз.

Яқинда Ғарб иттифоқчилари билан машғулотларни тамомлаган украиналик учувчилар янги самолётларда парвоз қилишни дарҳол бошлашлари мумкинми ёки уларга мослашиш учун қўшимча вақт керакми, ҳозирча аниқ эмас. Украина Мудофаа вазирлигидан ҳозирча расмий изоҳ йўқ.

F-16 ни бериш жараёни бир йилдан ортиқ давом этди. АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский ва НАТО иттифоқчиларининг бир неча бор сўровларидан сўнг 2023 йилнинг май ойида бу борадаги позициясини ўзгартирганди.

Ушбу қарор F-16 самолётлари фронтда ҳал қилувчи ўзгаришларга олиб келадими ёки йўқми деган қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Мутахассисларнинг қайд этишича, самолётлар Украина кутганидек жиддий ўзгариш қилмаслиги мумкин.

Самолётларнинг тақдим этилиши кечикишлар, эҳтиёт қисмлар билан боғлиқ муаммолар ва украиналик учувчилар ва хорижий инструкторлар ўртасидаги тил тўсиғи билан боғлиқ бўлди. Шунингдек, ҳаво йўлакларининг йўқлиги ва мавжуд инфратузилманинг Россия ҳужумларига заифлиги ҳақида ҳам хавотирлар бор.

Айни пайтда украиналик учувчилар чет элда, шу жумладан АҚШда малака оширишган. Шу билан бирга, жанг майдонида дронлардан кенг фойдаланилмоқда, Россия эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтирмоқда.

Самолётлар сони дастлаб чекланган бўлса-да, узоқ муддатда F-16 самолётларини топшириш Украинага Россия ҳаво устунлигига қарши туриш ва мамлакат инфратузилмаси мудофаасини яхшилаш қобилиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.