Украина аллақачон АҚШ қуроли билан Россия ҳудудига зарбалар бермоқда — АP
Associated Press (AP) агентлиги исми ошкор этилмаган ғарблик мансабдорга таяниб хабар беришича, Украина армияси аллақачон Америка қуроли билан Россия бўйлаб зарбалар бермоқда. Агентлик мақоласида аниқлик киритилишича, Украина қуролли кучлари Америка президенти Жо Байденнинг яқинда ўзгартирилган қўлланмасига мувофиқ зарбалар беришни бошлаган, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Манбага кўра, УҚК АҚШ қуролидан “чекланган даражада” Харьковни Россия зарбаларидан ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланган. Мансабдор УҚК айнан қайси нишонларга Америка қуроли билан зарбалар берганига аниқлик киритмади. Бу маълумотни республикачи сенатор Майк Раундс тасдиқлагани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, май ойида ОАВ Жо Байденнинг Украинага Россия ҳудудига АҚШ қуроли билан, шу жумладан, HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими ва GMLRS ракета тизимлари билан ҳужум қилишга рухсат бергани ҳақида хабар қилди. Пентагон Америка қуроли фақат Харьков вилоятида Россия кучларига жавоб зарбаларини беришда қўлланилиши мумкинлигини қайд этди.
Шарҳлар