Америка Қўшма Штатлари Россия, Xитой ва бошқа мамлакатларда фаолият кўрсатувчи 400 та компания ва шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди

Фото: euradio

Қўшма Штатлар жума куни Россия, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг 400 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларига нисбатан санкциялар рўйхати кенгайтирилганини эълон қилди.

АҚШ Давлат департаменти, Молия вазирлиги ва Савдо департаменти Украина билан урушда иштирок этганлик учун янги компаниялар ва жисмоний шахсларга нисбатан санкциялар жорий этилишини эълон қилди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Давлат департаменти, жумладан, Россияга саноат ускуналари ва микроэлектроника етказиб беришдаги иштироки учун Хитойнинг ўнлаб компанияларига нисбатан санкциялар жорий этилаётганини аниқлик киритди.

АҚШ Молия вазирлиги ўз матбуот баёнотида Россияга ўқ-дорилар ва бошқа ҳарбий юкларни етказиб берувчи, россиялик олигархларга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган, шунингдек, санкция қўйилган олтин сотишдан тушган пулларни ювиш билан шуғулланувчи трансмиллий конгломерат фирмаларига қарши санкциялар жорий қилаётганини таъкидлади.

“Россия ўз иқтисодиётини Кремль ҳарбий-саноат комплекси хизмати воситасига айлантирди. Бутун дунёдаги компаниялар, молия институтлари ва ҳукуматлар Россия ҳарбий-саноат комплексига таъминот занжирларини қўллаб-қувватлашдан қочишлари керак”, – деди АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо ўзининг матбуот баёнотида.

Янги санкция рўйхатидаги шахсларнинг 123 таси, жумладан, Россиянинг 63 ва Хитойнинг 42 фирмаси АҚШ Савдо вазирлиги бўлими томонидан юритиладиган махсус лицензион рўйхатга киритилган.

Ушбу рўйхатдаги нарсаларни етказиб беришни истаган АҚШ пудратчилари лицензия олиш учун ариза топширишлари керак.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.