Пентагон Киевга АҚШ қуролидан Россияга зарбаларда фойдаланиш бўйича кўрсатмалар юборади
АҚШ администрацияси Пентагонга Украинага Россиянинг қайси объектларига Америка қуроли билан зарбалар бериш мумкинлиги борасида аниқ кўрсатмалар юборишни топширган. Бу ҳақда The New York Times ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда. Уларнинг сўзларига кўра, зарур кўрсатмаларни Пентагон раҳбари Ллойд Остин аллақачон НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари қўмондони генерал Кристофер Каволига берган.
Таъкидланишича, айнан Каволи аввалроқ Украина томонига АҚШ ҳукуматининг Америка қуроли билан Россия ҳудудига, аммо фақат Харьковга зарбалар беришга рухсат этиш қарорини етказган.
Май ойида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс иттифоқдошларини Украинага етказилаётган қурол-яроғ билан Россия ҳудудига ҳужум қилишга қўйилган чекловларни олиб ташлашга бир неча марта чақирганди. Уни Франция ва Польша қўллаб-қувватлади, Германия бу ғояга қарши чиқди. Дания ўзи тез орада Киевга юборадиган F-16 қирувчиларини Украина РФ ҳудудидаги ҳарбий нишонларга қарши қўллай олиши ҳақида ваъда берди.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден администрацияси Украинага Америка қуроли билан Россия ҳудуди бўйлаб зарбалар беришга яширинча рухсат этгани хабар берилган эди.
Шарҳлар