Афғонистоннинг анорли ичимлиги Қозоғистонда текширувдан ўтказилди
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси Royal, Paradise, Mani, Pure, Golden Life анор таъмига эга алкоголсиз газланган ичимликларни санитария текширувидан ўтказди, деб хабар бермоқда Tengrinews.
Қозоғистон мутахассислари ичимликлар солинган банкаларда “таркибида бўёқ моддаси (азорубин E 122) бор” деган огоҳлантирувчи ёзув йўқлигини аниқлади. Мазкур модда болаларнинг фаоллиги ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, қадоқларда ичимликларнинг таркиби ва озуқавий қиймати кўрсаткичлари, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган.
“Бу ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) томонидан Божхона иттифоқи техник регламентларининг мажбурий талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартиб-таомиллари ўтказилмаганини кўрсатади”, — дея аниқлик киритди вазирлик.
Қўмита текширув натижаларини “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатасига юборган. Улар савдо корхоналарини тегишли рухсатномаларсиз ушбу маҳсулотларни сотиб олмаслик ҳақида огоҳлантириши керак. Golden Life ва бошқа ичимликларни сотишга ҳали расмий тақиқ йўқ. Қозоғистонликлар орасида газланган ичимлик истеъмол қилгандан кейин заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 3 июль куни Афғонистонда ишлаб чиқариладиган “Олтин ҳаёт” анор ичимлиги дўконлардан олиб қўйила бошлади. Иш ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати бўлимининг буйруғига биноан амалга оширилган. Лаборатория тадқиқотлари натижаларига кўра, ичимликда азорубин Е122 синтетик озиқ-овқат бўёқлари топилган, бу болаларнинг фаоллиги ва эътиборига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чакана савдо тармоқлари раҳбарларига ушбу маҳсулотларни сотишни тақиқловчи буйруқлар берилган.
Шундан кейин Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳам ижтимоий тармоқлардаги хабарларга муносабат билдирди. Ташкилот маълумотларига кўра, ушбу маҳсулотларнинг ҳар бир партияси (мамлакатда Royal ва бошқа номлар билан сотилади) Ўзбекистонга олиб кирилганда лаборатория синовларидан ўтказилган, натижада инсон саломатлигига зарар етказадиган зарарли моддалар аниқланмаган.
Шарҳлар