АҚШ апрель бошида Украинага 60 млрд доллар ажратиши мумкин
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон қуйи палата республикачилари билан иттифоқдошларга ёрдам сифатида ва жанубий чегарани мустаҳкамлашга маблағлар ажратиш ҳақида учрашув ўтказди, деб ёзади “Коммерсантъ”. CNN манбаларига кўра, Украинага ёрдамни ўз ичига олувчи партиялараро қонун лойиҳаси март охири ёки апрелда пайдо бўлиши мумкин. Бунда еткачи ролни ташқи ишлар қўмитаси раиси Майкл Маккол ўйнайди.
Жонсон ҳозирча режа юзасидан ҳеч қандай позицияни эгаллагани йўқ ва ушбу масала бўйича овоз бериш жараёнини ўтказиш мажбуриятини зиммасига олгани ҳам йўқ. У ҳамкасбларини дастлаб ҳукуматни молиялаштириш ҳақидаги қонун лойиҳаси устидаги ишни тугатишга чақирди. Тахминларга кўра, бу йўналишдаги ишлар март ўрталарида якунланади. CNN’нинг республикачилар орасидаги манбалари фикрича, шундан кейин спикер иттифоқдошларга кўмакни молиялаштириш ҳақидаги ташаббусни кўриб чиқиш учун тақдим этади. Аммо у ҳолда Республикачилар партиясининг ўта ўнг аъзолари қарши чиқиши ва спикер четлатилишига овоз бериши мумкин.
Вакиллар палатаси аъзоси Брайан Фитцпатрик Республикачилар партияси раҳбарияти таклифни ишлаб чиқишда қандай кўмак бераётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан: “Сиз ўйлаганингиздан кўра кўпроқ”, — деди. “Биз нимадир қилишимиз керак”, — дея қўшиб қўйди у.
Украинага маблағлар ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессида 2023 йил октябридан буён муҳокама қилинмоқда. Февраль ўрталарида Сенат Украина, Исроил ва Тайванга 95 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги партиялараро ташаббусни тасдиқлаганди. Ҳужжатни республикачилар томонидан назорат қилинувчи Вакиллар палатаси маъқуллаши керак. Майк Жонсон қонун лойиҳасини жанубий чегарани мустаҳкамлаш чораларисиз овоз беришга олиб чиқишдан бош тортди.
Шарҳлар