Оқ уй яна Россиянинг коинотга ядро қуроли жойлаштириш режалари ҳақида маълум қилди
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия ядровий зарядга эга фазовий сунъий йўлдошни ишлаб чиқиш билан шуғулланаётганини айтди. Шу тариқа у Россия томонидан БМТ Хавфсизлик кенгашида коинотга ядро қуролини жойлаштирмаслик тўғрисидаги резолюция лойиҳасига вето қўйилишини изоҳлади, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, АҚШ Россия ядровий қурилмага эга янги сунъий йўлдошни ишлаб чиқяпти деб ҳисоблайди. Президент Путин Россия коинотга ядро қуролини жойлаштирмоқчи эмаслиги ҳақида оммага маълум қилганини эшитдик. Агар шундай бўлганида эди, Россия бу резолюцияга вето қўймаган бўларди”, — деди Салливан.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик кенгашидаги овоз бериш чоғида Россия АҚШ ва Япония томонидан тайёрланган коинотга ядро қуролини жойлаштирмаслик ҳақидаги резолюция лойиҳасига вето қўйди.
Россиянинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский маълум қилишича, АҚШ резолюция матнига Россия ва Хитой томонидан таклиф этилган, коинотга бошқа ҳар қанақа қурол-яроғларни жойлаштиришдан воз кечиш ҳақидаги бандни киритишдан бош тортган. Шу тариқа, Полянскийнинг сўзларига кўра, Америка ҳукумати ва унинг иттифоқчилари ядровий бўлмаган космик қуролларни кучайтириш имкониятини сақлаб қолмоқчи. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия тез орада резолюциянинг Япония ва АҚШ ташаббусини ҳамда ўзининг қўшимчаларини ўз ичига олувчи бошқа лойиҳасини тақдим этади.
Шарҳлар