АҚШнинг Европадаги ҳарбий базалари терактлар хавфи туфайли хавфсизлик чораларини кучайтирди
АҚШнинг Европадаги бир нечта ҳарбий базалари эҳтимолий терактлар хавфи туфайли, юқори шайлик ҳолатига келтирилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
CNN телеканали икки нафар америкалик мансабдорга таяниб маълум қилишича, 30 июнь куни Германиянинг Штутгарт шаҳридаги Америка базаларида шайлик “Чарли” даражасигача оширилган. Штутгартда АҚШ қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги бош қароргоҳи жойлашган.
“Чарли” хавф даражаси базада теракт эҳтимоли, ходимлар ёки объектларга нисбатан таҳдид юзага келгани ҳақида разведка маълумотлари олинган тақдирда қўлланилади.
Манбалардан бири айтишича, Американинг Европадаги ҳарбийлари бундай хавф даражаси билан камида ўн йилдан буён юзма-юз келмаган. Бу шуни билдирадики, Америка қўмондонлиги “фаол ишончли таҳдид” тасдиғини олган.
Айнан қанақа разведка маълумотлари хавфсизлик чоралари кучайтирилишига олиб келгани номаълум. CNN қайд этишича, Евроиттифоқ ҳукумати аввалроқ футбол бўйича Европа чемпионати ва Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари чоғида потенциал террорчилик хавфи ҳақида огоҳлантирган эди.
Шарҳлар