АҚШ махсус хизматлари террорчилар айнан “Крокус”га ҳужум қилишни режалаштираётганини билган

Крокус
Фото: РБК

Москвадаги терактдан икки ҳафта аввалроқ АҚШ ҳукумати россиялик ҳамкасбларига “Крокус Сити Холл” концерт майдони жангарилар нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Бу ҳақда Washington Post музокаралар мазмунидан хабардор бўлган америкалик мансабдорларга таяниб ёзмоқда.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ва Кремль бу мавзуда изоҳ беришдан бош тортган.

АҚШ “огоҳлантириш мажбурияти” тамойилига амал қилган ҳолда, эҳтимолий терактлар ҳақидаги маълумотларни ҳатто дўст бўлмаган мамлакатлар билан ҳам бўлишади, бироқ ахборот манбасини фош қилиб қўймаслик учун аниқ нишонлар ҳақидаги маълумотни ошкор этмайди. Бу сафар эса АҚШ махсус хизматлари ҳужумнинг аниқ жойини айтгани Америка фуқаролари учун ҳам хавф бўлганидан далолат беради, дейилади хабарда.

Нашр манбаларига кўра, ахборот Россия Федерал хавфсизлик хизматига 6 март куниёқ узатилган. 7 март куни АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ва бошқа бир қатор Ғарб дипломатик миссиялари Россия пойтахтида одамлар оммавий тўпланадиган жойларда терактлар эҳтимоли ҳақида ўз фуқаролари учун огоҳлантириш эълон қилди. 19 март куни Россия президенти Владимир Путин бу огоҳлантиришни шантаж ва провокация деб атади.

Терактдан кейин дарҳол эса АҚШ махсус хизматлари ҳужум ортида ИШИДнинг афғон-тожик ячейкаси “Вилоят Хуросон” турганини маълум қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.