АҚШ Давлат департаменти Россияни Украинага қарши кимёвий қурол ишлатганликда айблади

Фото: DW

АҚШ Давлат департаменти Россия кимёвий қуролдан фойдаланиш бўйича халқаро тақиқни бузганини айтди. Бу ҳақда DW хабар бермоқда.

Агентликнинг иддао қилишича, Россия қўшинлари Украина Қуролли кучлари аскарларига қарши безовта қилувчи заҳарли модда бўлган хлоропикриндан фойдаланган.

Шу муносабат билан АҚШнинг янги санкциялар рўйхатига Россия Мудофаа вазирлигининг радиациявий, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари, Россия амалий акустика илмий-тадқиқот институти ва Россия Мудофаа вазирлигининг 48-сонли марказий илмий-тадқиқот институти, шунингдек, тўртта компания киритилган. Бу Россиянинг кимёвий қурол дастурлари ва биологик қуроллари билан боғлиқ.

“Бундай кимёвий моддалардан фойдаланиш алоҳида ҳодиса эмас ва у, эҳтимол, Россия кучларининг Украина қўшинларини мустаҳкамланган позициялардан чиқариб юбориш ва жанг майдонида тактик ютуқларга эришиш истаги билан боғлиқ”, — дейилади Давлат департаменти баёнотида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.