Байден АҚШда мусулмонларга нисбатан нафрат авж олганини маълум қилди

Foto: APA

АҚШ президенти Жо Байден Фаластин-Исроил низоси фонида унинг мамлакатида мусулмонларга нисбатан душманлик даҳшатли равишда авж олганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Шу муносабат билан Байден маъмурияти тарихдаги биринчи Исломофобияга қарши кураш миллий стратегияси устида ишламоқда.

“Ватанимизда биз мусулмон бўлган америкаликларга нисбатан нафрат ва зўравонлик даҳшатли тарзда авж олганини кузатяпмиз. Диний эркинликка асосланган ва ташкил топишида муҳожирлар, шу жумладан, мусулмон муҳожирлар ҳиссаси ҳам бўлган мамлакат бўлмиш АҚШда исломофобияга ўрин йўқ”, — дейилади Жо Байденнинг Рамазон ойи бошлангани муносабати билан эълон қилинган баёнотида.

Шунингдек, у АҚШ ҳукумати Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб беришда давом этишига ҳамда ўт очишни тўхтатиш бўйича битим устида ишлашига ваъда берди.

Нашр эслатишича, 2023 йил кузида АҚШдаги Миллий мусулмонлар демократик кенгаши Жо Байден ва унинг маъмуриятидан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга эришишни талаб қилган эди. Ўз ультиматумида муаллифлар Яқин Шарқда низо давом этишида Жо Байден маъмуриятининг роли катталигини қайд этганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.