Зеленский АҚШ Украинанинг Россия нефть заводларига ҳужумларидан норози эканини тасдиқлади
Украинанинг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарбаларига нисбатан АҚШнинг муносабати ижобий бўлмаган. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди. Financial Times ёзишича, Вашингтон бензин нархлари ошиб кетишидан хавфсираб, Киевни Россия нефт заводларига ҳужумларни бас қилишга чақирган.
“АҚШнинг реакцияси ижобий бўлмади… Биз ўз учувчисиз учар қурилмаларимиздан фойдаландик. Бизга ҳеч ким бундай қилолмайсиз деб айта олмайди. Бизнинг энергетика тизимимизни ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумига қарши мудофаа бўлмаса, россияликлар эса унга ҳужум қилаётган бўлса, менинг саволим қуйидагича: нима учун биз уларга жавоб қайтара олмаймиз? Уларнинг жамияти бензинсиз, дизелсиз, электрсиз яшашга ўрганиши керак”, — деди Зеленский The Washington Post нашрига берган интервьюсида.
Украина йил бошидан буён дронлар ёрдамида Россиядаги бир нечта нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилди. Улар орасида Нижегород, Рязань, Куйбишев ва Сизран заводлари бор. Аввалроқ АҚШ давлат котибининг энергетика масалалари бўйича ёрдамчиси Жеффри Пайетт Вашингтон Россия ҳудудига берилаётган зарбаларни рағбатлантирмаслигини билдирганди.
Шарҳлар