АҚШ Швейцариядаги Украина бўйича тинчлик саммитида қатнашади — Reuters
Reuters агентлиги Америкадаги манбасига таяниб ёзишича, АҚШ Швейцарияда Украина бўйича бўлиб ўтадиган конференцияда иштирок этади. Аммо у Америка томонидан қайси даражадаги вакил келишига аниқлик киритмади, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раиси Си Цзиньпинни Швейцария саммитида қатнашишга чақирган эди. Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб, Байден Швейцариядаги конференцияни ўтказиб юбориши, чунки бу вақтда ўз сайловолди кампаниясига маблағ йиғиш учун Калифорнияга кетишини маълум қилганди.
Украина бўйича тинчлик саммити 15—16 июнь кунлари Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида бўлиб ўтади. Унга 160 та давлат делегациялари таклиф қилинган. Россия саммитга таклиф этилмаган. Россия томони таклифнома олган тақдирда ҳам тадбирга бормаслигини маълум қилганди. Швейцария саммитда Россия қатнашиши муҳимлигини қайд этган, Украина қарши чиққан эди.
Хитой конференциядаги иштирокини расман рад этмаган, аммо тасдиқламаган ҳам. Апрелда Германия канцлери Олаф Шольц Хитой раиси Си Цзиньпин Швейцария конференциясини қўллаб-қувватлаганини билдирганди. Шундан кейин Хитой ТИВ мамлакат ҳар қандай тинчлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашини, бироқ Москва ва Киев низоси икки мамлакатнинг тўғридан-тўғри музокаралари орқали якунланиши кераклигини маълум қилди.
Шарҳлар